Главная > Информация > Умумий коидалар

Умумий коидалар


26-09-2019, 15:56. Разместил: Admin
Умумий коидалар 1. Мазкур Низом «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳайвонот дунёси объектларини фойдаланишга бериш, ҳайвонларни, уларнинг қисмларини, овчилик ўлжаларини, зоология коллекцияларини, ҳайвонларнинг ҳаёт фаолияти маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш, шунингдек овчилик ва балиқчилик хўжалигини юритиш тартибини белгилайди.
2. Қуйидагилар ҳайвонот дунёси объектлари ҳисобланади:
келиб чиқиши ҳайвонларга мансуб бўлган организмлар — сут эмизувчилар, паррандалар, судралиб юрувчи ҳайвонлар, ҳам қуруқликда, ҳам сувда яшовчи ҳайвонлар, балиқлар, умуртқасизлар ва уларнинг популяциялари;
ёввойи ҳайвонлардан ташкил топадиган табиий ҳайвон галалари ёки уларнинг ҳар қандай тўдалари;
ёввойи ҳайвонларнинг камёб ёки йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлари;
ёввойи ҳайвонлар яшаш фаолиятининг маҳсулотлари.
3. Табиий эркинлик ҳолатида яшовчи барча ёввойи ҳайвонлар, шунингдек овчилик ва балиқ овлаш жойларига қўйиб юборилган ҳайвонлар давлат мулки ҳисобланади ва давлат овчилик-балиқ овлаш фондини ташкил этади.
Питомникларда, инкубаторларда, фермаларда, ҳовуз хўжаликларида ўстирилган ва шу хўжаликларнинг чегараларида жойлашган ёввойи ҳайвонлар питомниклар, инкубаторлар, фермалар, ҳовуз хўжаликлари тегишли бўлган шахсларнинг мулки ҳисобланади.
Ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш ҳуқуқи барча тоифалардаги ер ва сув объектларига эгалик қилиш, уларни тасарруф этиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқидан ажратилган.
4. Қуйидагилар ов қилиш ва балиқ овлаш маҳсулотлари ҳисобланади — мўйна ва тери, ҳайвоннинг шохи, шунингдек улардан тайёрланган буюмлар, ёввойи ҳайвонлар ҳаёт фаолияти маҳсулотлари ва улардан ҳосил бўлган маҳсулотлар, уларнинг гўшти, уларнинг қисмлари, паррандалар ва судралиб юрувчи ҳайвонларнинг тухумлари, балиқларнинг увулдириғи, овчилик ўлжалари ҳамда белгиланган тартибда тутилган ҳайвонларнинг ўзи.
Вернуться назад