Главная > Информация > Балиқ ови ишқибозлари учун

Балиқ ови ишқибозлари учун


26-09-2019, 15:56. Разместил: Admin
Балиқ ови ишқибозлари учун Юртимиз ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг бойлиги билан ҳам жаннатмакон жой саналади. Хусусан, Ўзбекистонда 80 га яқин балиқ турлари мавжуд. Ов мавсуми куз ойларидан бошлаб, март-апрелгача давом этади. Чунки бу даврда сувнинг ҳарорати 14 даражадан паст бўлиб, балиқлар ортиқча озиқланмай, истеъмол учун яроқли ҳолга келади. Йилнинг қолган қисми эса балиқларнинг урчиш даври ҳисобланади. Бу даврда балиқ овлаш тақиқланади.

Балиқ овлаш учун рухсатнома керакми?
Балиқ овининг турлари жуда кўп бўлиб, уларнинг бари қизиқарли: пўкакли, доночли, карпли (карп-фишинг), фидерли, спиннинг, троллинг ва ҳоказо. Эндигина балиқ овлашни бошлаганлар пўкакли қармоқдан фойдаланганлари маъқул. Чунки бу тўрга ҳар қандай турдаги балиқ илиниши мумкин — йиртқичлари ҳам, хонакилари ҳам. Қолаверса, балиқ овининг бу тури жуда оддий, кишига завқ ва қувват беради. Шу боис узоқ йиллардан бери балиқ овлаш билан шуғулланиб келган балиқчилар ҳам пўкакли қармоқдан воз кеча олишмайди.

Республикамизда балиқ овлаш учун алоҳида рухсатнома талаб қилинмайди. Рухсатномалар фақат қўриқхоналар, махсус балиқчилик хўжаликлари ҳудудида ов қилиш учун керак. Агар балиқчи ҳаваскор бўлса, истаган пайтида пўкакли қармоқ билан ов қилавериши мумкин.

Қаерда ов қилган маъқул?
Республикамизда мавжуд ҳар бир сув ҳавзаси ва кўллар балиқ ови ишқибозлари учун бир-биридан ажойиб ва қадрли. Уларни бу яхши, бу ёмон, дейиш фикридан йироқмиз. Лекин ов ишқибозлари учун айримларини айтиб ўтмасак бўлмас. Маълумки, Сирдарё — балиққа бой дарё ҳисобланади, баҳор-куз ойларида енгил автомобиллар билан у ерларга бориб бўлмайди. Бу даврда сув сатҳи бир неча метрга кўтарилиб, атроф сув билан қопланади. Натижада кўлмак ва ботқоқликлар пайдо бўлади.

Тошкент вилоятида эса балиқнинг йиртқич турлари ҳам овланади. Масалан, троегуб. У йирик танали бўлгани учун “кашалот” деган “лақаб” ҳам олган. Бу балиқ “Роҳат” кўлида, Тошкентдаги Япон боғи сув ҳавзасида ҳам учрайди. Ов учун энг маъқул жой, шубҳасиз, Чорвоқ сув омбори. Бу ерда йирик пелядь, зоғорабалиқ, хумбош балиқ (толстолоб) ва ҳатто гулмоҳи (форель)ҳам овлаш мумкин. Бўзсув каналида вазни 6 килограммгача бўлган лаққа балиқлар учрайди. ТошГРЭС сув омборида эса 15 килограммлик зоғорабалиқларни қармоққа тутиш мумкин.

Унутманг:
Ҳеч қачон керагидан ортиқ балиқ овламанг.
Сув ҳавзаси ва атроф-муҳитни ифлослантирманг.
Балиқ овлаш ва қайиқ бошқариш йўриқномасини диққат билан ўрганиб чиққандан сўнг, машғулотни бошлашингиз мумкин.
Бошқа балиқ овловчиларнинг ҳам ҳуқуқини ҳурмат қилинг.
Унутманг, тўр ва электроқармоқдан фойдаланиш балиқларга қирон келтиради.

Фойдали маслаҳатлар
* Балиқ овига отланганда ўзингиз билан ҳеч қачон ҳеч қандай балиқ маҳсулотлари (консерваланган, қовурилган, дудланган ва ҳоказо)ни олманг — акс ҳолда қайтишда балиқни дўкондан олишингизга тўғри келади. Чунки овда фақат қармоққа илинган балиқ — сизники!

*Биринчи балиқ қармоққа илинмагунча махсус тўрва халтани ишлатманг. Шунингдек, ов тугамагунча уларни йиғиштиришга шошилманг.

Бозордан харид қиладиганлар учун

Сифати қандай аниқланади?
Бозордан ёки балиқ сотилувчи махсус дўконлардан балиқ харид қилаётганда, сифатига шубҳа туғилса, аввало сотувчидан балиқчилик хўжалиги томонидан берилган рухсатнома ва ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси хулосасини сўранг.

Балиқнинг сифати бузилмаслиги учун, у музлатгичда ёки муз солинган идишларда сақланиши шарт. Шунингдек, янги балиқни жабрасининг қизиллиги ва тиниқлигидан билиш мумкин. Эскирган балиқнинг жабраси рангсиз ва буришган бўлади. Агар қилтаноғи камроқ бўлсин десангиз, катта балиқни танланг. Лаққа, гулмоҳи ва зоғорабалиқларнинг йирикларида қилтаноқни бемалол ажратиш мумкин.
Вернуться назад